«Ўзбекистон 24» телеканали тез кунда иш бошлайди

Миллий телерадиокомпания таркибида ташкил этилган янги «Ўзбекистон 24» ахборот-таҳлилий телерадиоканали яқин кунлар ичида фаолият бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида келтириб ўтилган.

«Ҳозирги кунда республикамизда 1500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Биргина Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканалларнинг бир сутка давомидаги умумий эфир вақти 616 соатни ташкил этмоқда. Ҳолбуки, мустақилликдан олдин бу рақам бор-йўғи 48 соатга тенг эди, холос.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, оммавий ахборот воситаларининг таркиби ҳам тубдан ўзгариб бормоқда. Буни юртимиздаги барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг эса 85 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари экани ҳам тасдиқлайди. Яқин кунларда иш бошлайдиган, кечаю кундуз узлуксиз фаолият олиб борадиган O`zbekiston – 24 телеканали миллий ахборот маконида ўз муносиб ўрнини ва ўз томошабинларини топади, деб ишонамиз», дейилган табрик матнида.

Миллий телерадиокомпания таркибида «Ўзбекистон 24» ахборот-таҳлилий телерадиоканалини ташкил этиш тўғрисидаги президент қарори май ойи аввалида имзоланганди.

Телеканал мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва спорт соҳаларида юз бераётган ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиб боради. Шунингдек, телеканал хорижда ҳам мухбирлик пунктларига эга бўлади.

Президент қарори билан «Диёр» телеканали ва «Тошкент» радиоканали тугатилиб, уларнинг частоталари ҳамда штат бирликлари янги канал ихтиёрига ўтган.

«Ўзбекистон 24» SD ва HD форматларида рақамли эфир ижтимоий пакетига киритилади. Унинг HD форматидаги трансляцияси мамлакатда ушбу форматга тўлиқ ўтилгунга қадар параллел равишда UzHD каналида ҳам амалга оширилади.

Бундан олдинроқ «Ахборот», «Давр» ва «Пойтахт» информацион дастурлари ёпилиши, барча янгиликлар «Ўзбекистон 24» телеканалида бўлиши маълум қилинганди.